Жаҳон | 23:38 / 27.10.2015
4407
1 дақиқада ўқилади

Пентагон Ироқ ИШИДга қарши курашда Россия билан ҳамкорлик қилмаслигини ишонч билан айтмоқда

Пентагон Ироқ ҳукумати Россия билан ИШИДга қарши ҳарбий ҳамкорлигини давом эттирмоқчи эмас, деб ишонч билан айтмоқда. Бу ҳақда 27 октябрь куни АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер ва АҚШ Қуролли кучлари штаблари бошлиқлари қўмитаси раҳбари Жозеф Данфорд АҚШ сенатининг Қуролли кучлар ишлари бўйича қўмитасидаги йиғилишида айтиб ўтдилар.

“Биз ўтган ҳафтада Ироқ ҳукуматидан Россия билан ҳамкорлик қилмаслиги ва у учун АҚШ мақбулроқ ҳамкор эканлиги ҳақидаги ваъдасини олдик”, деб айтди Картер.

Ўз навбатида Данфорд яқинда Ироқ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда “Ироқ русларга бомбардимон қилишга рухсат берса, унда АҚШ Ироққа ёрдам беришни давом эттира олмаслигини” айтганини қўшимча қилиб ўтди. “Менга Россия билан ҳамкорлик қилмаслик ҳақида ваъда беришди”, деб айтди Данфорд.