Тожикистонда улкан қовун шакли кўринишидаги чойхона қурилди
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридан 20 км масофадаги Ҳисор шаҳрида кўриниши улкан қовунни эслатадиган чойхона очилди.
Бу бино Ҳисор шаҳрининг 3000 йиллиги муносабати билан қурилган бўлиб, унинг очилиш маросимида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этди.
Тожикистон президентининг расмий сайтида маълум қилинишича, ушбу чойхона биноси "қадимий шаҳарсозлик анъаналари" асосида барпо этилган. Унинг баландлиги 43 метр, кенглиги 55 метр, узунлиги эса 100 метрга тенг.
Меҳмонлар залидан ташқари “Миллий чойхона”экологик тоза техника билан жиҳозланган бешта ошхона ва ходимлар учун икки алоҳида хона билан жиҳозланган. Чойхона ичи дарахтлар, ўсимликлар ва гуллар билан безатилган.
Чойхона қурилиши бир йилдан узоқ вақт давом этди. Лойиҳа “Баракат” корпорациясининг буюртмасига биноан “Шахрофар” қурилиш компанияси томонидан қисқа вақт ичида қурилди. Тожикистон ҳукумати чойхона яқинида маданият ва истироҳат боғи қуришни режалаштирган.
Қайд этилишича, аграр қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Тожикистонда кейинги йилларда кўплаб янги байрамлар (Қовун ва тарвуз куни, Асал байрами, Палов байрами, Қовоқ байрами, ҳосил байрами) ўтказиш жорий қилинган.
2009 йилда Тожикистонда 1501 м узунлик ва 7 м энликдаги матодан улкан байроқ ясалганди (оғирлиги 1,25 тонна).
2011 йилда эса мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан 165 метр баландликка эга байроқ устуни ясалганди (бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич).