Жамият | 20:40 / 27.10.2015
3520
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!” шиори остида фестивал ўтказилди

26 октябрь куни Тошкентдаги Болалар санъат ва ижодиёт марказида “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!” лойиҳаси доирасида ёшлар фестивали ўтказилди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши, Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда фаол ўқувчи-талабалар иштирок этди.

Мазкур фестивални ўтказишдан мақсад ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларда турли салбий иллатларга қарши иммунитетни шакллантириш, спортнинг экстремал турларига жалб қилиб, бўш вақтини самарали ташкил этиш ва иқтидорини юзага чиқаришдан иборат.

Фестиваль доирасида велосипедда кўргазмали чиқиш, рақсли ҳаракатлар, экстремал спорт турлари намойиш этилди. Якунда фаол иштирокчилар тақдирланди.