Жаҳон | 08:18 / 27.10.2015
2694
1 дақиқада ўқилади

Япония Қирғизистондаги "Манас" аэропортини замонавийлаштириш учун 16 млн доллар маблағ ажратади

26 октябрда Япония бош вазири Шиндзо Абэ Қирғизистонга расмий ташриф билан келди. Абэнинг ташрифи якунларига кўра Қирғизистон ва Япония ўртасида бир қатор келишувлар имзоланди.

КирТаг нашрининг маълум қилишича, Япония Бишкекдаги "Манас" халқаро аэропортини янги жиҳозлар билан таъминлаш учун 16 млн доллар миқдоридаги маблағ йўналтиради. Бу ҳақда 26 октябрь куни ўтказилган матбуот анжумани вақтида Қирғизистон республикаси Транспорт ва алоқалар вазири Аргинбек Малабаев маълум қилган.

Унинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати ва Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасидаги грант келишувга кўра "Манас" аэропортига аэронавигация, ёритиш мосламалари ва бошқа жиҳозлар етказиб берилади. Вазир маблағ етишмаслиги туфайли шу вақтгача аэропортга янги жиҳозлар келтирилиши кечикиб келганини қўшимча қилиб ўтган.

Қайд этилишича аэропортга янги жиҳозларнинг келтирилиши 2016 йилнинг январида бошланади.