Ўзбекистон | 20:24 / 28.10.2015
3107
2 дақиқада ўқилади

2015 йилда Ўзбекистонда хориждан қайтган меҳнат мигрантларининг 186 минг нафари иш билан таъминланди

2015 йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги “Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Эркин Авезов “Иш ўринлари ташкил ташкил этиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш” дастурининг бажарилиши ва бандликнинг самарали шаклларини ривожлантириш масласига тўхталар экан, 2015 йилда бандлик дастури ижроси ҳақида ахборот берди.

Унга кўра ҳисобот даврида республика бўйича жами 748 минг иш ўринлари ташкил этилиб, дастур 101 фоизга кўп бажарилди. Бунда, мақсадли дастурларга мувофиқ 163 мингта, жумладан саноатда – 60 мингта, хизмат кўрсатиш ва сервисда – 52 мингта, қишлоқ хўжалигида – 35 мингта иш жойлари ташкил этилди.

Дастур ижросида асосий эътибор - кичик бизнесга қаратилган бўлиб, кичик корхона ва микрофирмалар, якка тадбиркорлик, уй меҳнати, деҳқон ва фермер хўжаликларида жами 585 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланди (бу яратилган иш ўринларининг 78 фоизига тенг бўлди).

Жорий йилнинг ўтган даврида 900дан ортиқ бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди ва уларда 44 мингта корхона ва ташкилотлар иштирок этиб, 50 минг кишига ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар берилди. Шунингдек, ҳудудий меҳнат органларининг инспекторлари маҳаллаларда юриб, ишсиз бўлган ва иш қидираётган 230 мингга яқин фуқароларни ишга жойлашишига кўмаклашилди, улардан 110 минг нафари аёллар, 168 минг нафари ёшлар, 67 минг нафари ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолини ташкил этади. Уларнинг 143 минг нафари қишлоқ худудларига тўғри келади. Четдан қайтган меҳнат мигрантларидан 186 минг нафарининг бандлиги таъминланган.