Жаҳон | 14:39 / 28.10.2015
4495
1 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги зилзила туфайли ҳалок бўлган покистонликлар сони 255 нафардан ошди

26 октябрь куни маркази Афғонистонда бўлган 7,5 магнитудали зилзила туфайли Покистон ҳудудида ҳалок бўлганлар сони 255 нафарни ташкил этмоқда.

Охирги маълумотларда қурбонлар сони 200 нафар экани айтилганди.

Покистондаги Табиий офатлар бўйича миллий бошқарма маълумотига кўра, 1697 киши зилзила туфайли жароҳатлангани қайд этилганди.

Талофат айниқса Хайбер-Пахтунхва вилоятида жиддий бўлган. Бу ҳудудда 208 киши ҳалок бўлган, 9209та уй бузилган.

"Хайбер-Пахтунхва вилоятига қутқарув вертолётлари юборилган. Ҳозиргача жабрланувчилар учун 2500та ёпинчиқ, 3250та чодир ва 2000та тўшама ажратилган", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда 26 октябрь куни 7,5 балли ер қимирлаши содир бўлди. Унинг таъсири Ўрта Осиёнинг бошқа республикаларида ҳам сезилди. Кўплаб шаҳар ва қишлоқларда аҳолининг уйлари, мактаблар ва бошқа бинолар шикастланди.

Зилзила маркази Афғонистон пойтахтидан шимоли-шарқий томонга 259 км узоқликда Ҳиндукуш тоғларида, ўчоғи 190 км чуқурликда бўлган.