Спорт | 21:16 / 28.10.2015
2823
1 дақиқада ўқилади

«Андерлехт» футболчилари Озарбайжондаги мағлубият учун мухлисларга товон пули тўлашади

Бельгиянинг «Андерлехт» жамоаси футболчилари Европа Лигаси доирасида Озарбайжоннинг "Қорабоғ" жамоасидан учралган мағлубият туфайли ўз мухлисларига товон пули тўлашади.

Бельгиянинг nieuwsblad.be нашрида ёзилишича, жамоа ўзини сафар ўйинида қўллаб-қувватлаш учун Бокуга борган 53 нафар мухлисга пул маблағлари кўринишида товон тўлашади. Шунингдек, бу мухлислар жамоа базасига ташриф буюришлари ва футболчилар билан учрашишлари мумкин.

«Андерлехт» 1 октябрь куни "Қорабоғ"га қарши ўтказилган учрашувда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган. Айни вақтда жамоа Европа Лигасининг J гуруҳида 4 очко тўплаган ҳолда "Тоттенҳэм" билан 2 ва 3 ўринларни бўлишиб турибди. Гуруҳ пешқадами "Монако" ҳисобида 5, аутсайдер "Қорабоғ" ҳисобида 3 очко мавжуд.

Маълумот учун, «Андерлехт» Бельгиянинг 33 карра чемпиони ҳисобланади. Жамоа 1983 йилда УЕФА Кубогида ғалаба қилган, 2 марта Кубок эгалари кубогида зафар қучган.