Иқтисодиёт | 11:54 / 28.10.2015
3679
1 дақиқада ўқилади

Европа ва Марказий Осиёда бизнес муҳити яхшиланмоқда

Охирги йил давомида Европа ва Марказий Осиёнинг 90 фоиз давлатларида тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ўтказилди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг бизнес юритиш шароитларини ўрганиш бўйича гуруҳи тайёрлаган йиллик ҳисоботида таъкидланди.

“Бизнес юритиш 2016: бошқариш сифати ва самарадорлигини баҳолаш” ҳисоботида 25 давлатдан 23тасида ўтказилган жами 58 ислоҳот қайд қилинди.

Глобал рейтингда 41-ўринда турувчи Қозоғистон ҳисобот даврида 7 ислоҳот ўтказган бўлиб, бу энг юқори кўрсаткичдир. Улардан сўнг Кипр (47-ўрин) ва Россия (51-ўрин) бўлиб, ҳар бирида 5тадан ислоҳот ўтказилган.

Шу билан бирга, бутун дунё миқёсида жами бу йўналишда 231 ислоҳот ўтказилди. Шулардан 25 фоизи Европа ва Марказий Осиё давлатларига тўғри келади. Шу минтақада энг яхши натижалар кўрсатган кучли ўнликка кирувчи 3 давлат жойлашган: Қозоғистон, Кипр ва Ўзбекистон.