Жаҳон | 07:26 / 28.10.2015
5232
2 дақиқада ўқилади

Исроиллик араб парапланда ИШИД жангарилари ёнига учиб кетди

23 ёшли Исроилда яшовчи араб миллатига мансуб йигит Нида Салоҳ Суриядаги “Шаҳодат ал-Ярмук” террорчилик гуруҳи томонидан босиб олинган ҳудудга  парапланда учиб кетди. The Telegraph нашрининг хабар беришича, йигит Исроил армияси назоратида бўлган Голан тепаликлари устидан учиб ўтган. “Шаҳодат ал-Ярмук” ИШИД таркибига киради. 

“Биз уни у ерда кимдир кутиб турганми-йўқми билмаймиз, бироқ кимдир парапланда училадиган томондан бошқа томонга учса, унда у буни билиб туриб қилган, деб ҳисоблаймиз”, деб журналистларга айтди Исроил армияси ЦАХАЛ вакили Моти Альмоз. Альмознинг таъкидлашича, ҳарбийлар маълумотларига кўра, Салоҳ 25 октябрда парвозга отланган.   

CNN’нинг маълум қилишича, дастлаб ҳарбийлар йигитни қутқариш бўйича катта кўламдаги операцияни ташкил қилишган, бироқ йигит ўз хоҳиши билан чегарани кесиб ўтган деган хулосага келишган.

Исроил бош вазири юз берган ҳолатга ўз муносабатини билдирди ва Салоҳни фуқароликдан маҳрум қилишга ваъда берди. “Биз қолган бундай ҳолатларда ҳам шундай йўл тутамиз. Душманга қўшилиб, Исроилга қарши урушадиган Исроилнинг исталган фуқароси ўз фуқаролигидан айрилади”, деб айтди Биньямин Нетаньяху.