Фан-техника | 17:56 / 28.10.2015
4806
2 дақиқада ўқилади

Motorola компанияси экрани синмайдиган смартфонини намойиш қилди

Motorola компанияси экрани синмайдиган Droid Turbo 2 смартфонини оммага тақдим қилди. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, мазкур қурилма синмайдиган мониторли дунёдаги илк смартфон саналади, деб ёзмоқда компания расмий сайти.

Қурилма экрани махсус ShatterShield технологияси билан ҳимояланган. 5,4 дюймли дисплей ерга тушиб кетган тақдирда унга зарар келтиришдан ҳимоя қилувчи беш қатламдан иборат махсус қоплама билан қопланган. Қоплама зарар кўрган тақдирда унинг ўрнини бошқаси билан алмаштириш мумкин бўлади. Ишлаб чиқарувчилар экраннинг ишлаш муддати учун 4 йиллик кафолат беришмоқда.

Venture Beat журнали мухбири мазкур қурилма дисплейининг бақувватлигини текшириб кўрган. 30 маротаба смартфон экрани ерга тушириб юборилганда унинг синмаганини кўриш мумкин, лекин унинг четидаги кичик чизиқлар ва ёриқлар қайд қилинган.

Droid Turbo 2 смартфони тўрт ядроли Qualcomm Snapdragon 810 процессори, такт частотаси 2 гигагерц. Асосий камера 21 мегапиксель, олд камера эса — беш мегапикселни ташкил қилади. Motorola шунингдек мазкур қурилмани 15 дақиқа давомида зарядлаб, 13 соат мобайнида ишлатиш мумкинлигини ҳам хабар қилган. Умуман олганда батарейка сиғими 48 соат ишлаш имконини беради.

АҚШда мазкур смартфон 29 октябрдан бошлаб 624 доллар қийматида сотувга чиқарилади.