АҚШда 2 ўсмир 100та гамбургер сотиб олиб, уйсизларга тарқатишди
Америкалик икки йигит уйсиз камбағалларнинг қорнини тўйғазиш ва уларнинг аҳволи ҳақида жамоатчиликка етказиш мақсадида хайрия тадбири ўтказишди. Уларнинг бу ҳаракатлари видеотасвирга олинган ва бу тасвир интернетга жойлаштирилган.
Маълум қилинишича, ўтган ҳафтада Лэнс Стюарт ва Эдин Колански исмли икки йигит McDonald's дўконидан 100 дона гамбургер сотиб олишган ва уларни уйсизларга тарқатиш учун йўл олишган.
Видеода кўринадики, дўкон ҳисобчиси аввалига ҳайрон бўлади ва харидорларнинг чиндан шунча гамбургер олмоқчиликларига аниқлик киритиб олади.
"Бир куни мен шу иш ҳақида ўйлаб қолдим ва уйсиз кишиларга озгина бўлсада ёрдам бермоқчи бўлдим", дейди Стюарт маҳаллий телеканаллардан бирига берган интервьюсида.
У ўз дўсти билан барча гамбургерларни тарқатиб бўлгач, супермаркетга кирган ва бошқа турдаги егуликлар ҳамда ичимликлар харид қилиб, буларни ҳам кўчада яшаётганларга тарқатган.
Унинг айтишича, бу тадбир учун 6 соат вақт ва озроқ пул (150 доллар) сарфланган.
Икки дўстнинг хайрия тадбири кўрсатилган видео фейсбукда 8 млн марта кўрилган. Бу тасвир YouTube ва Instagram бўйлаб ҳам тарқатилган.