Руни рестлернинг юзига уриб, уни ерга йиқитди
"МЮ" жамоаси ва Англия терма жамоаси ҳужумчиси Уэйн Руни Манчестер шаҳрида ўтказилган рестлинг-шоуни томоша қилиш учун ташриф буюрди. Бу ҳақда Bleacherreport нашрида ёзилган.
Рестлерлардан бири Стюарт Беннетт рингга кўтарилишидан олдин томошабинлар орасидаги Уэйн Рунига яқинлашган ва унинг кўкрагига уриб, "Рунининг ўғли омадсиз отасини кўришидан афсусланишини" билдирган. Шунда Руни унинг юзига қаттиқ уриб юборган ва рестлер ерга йиқилиб тушган.
Шу йилнинг февралида айнан Стюарт Беннетт Рунини жангга чақирганди. У бунга асос сифатида Руни томонидан Англия Кубоги турнири доирасида ўтказилган ўйинда Беннеттнинг ҳамшаҳарига нисбатан номуносиб ҳаракат қилганини келтириб ўтганди.
Маълумот учун, жорий мавсумда Руни "МЮ" сафида 18 ўйинда майдонга тушди ва 7та гол урди. У сентябрь ойида терма жамоа сафида ўзининг эллигинчи голини уриб, Англия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди.