Жаҳон | 17:45 / 14.11.2015
15783
2 дақиқада ўқилади

Париж қон ичида: "Батаклан" театридан қочиб чиққанлар нажот излашмоқда (Видео)

«Ле Монд» газетаси журналисти Даниэль Псенни Париж теракти билан боғлиқ шов-шувли ҳодисаларни тасвирга олди.

У фожиа юз берган вақтда "Батаклан" театрига ёндош бинода бўлган. У юқори қаватда туриб, хона деразаси орқали кўчалардан ўтаётган, жангарилар томонидан гаровга олинган театрдан қочиб чиққан кишиларни тасвирга олган.

Тасвирдан кўринадики, террорчилар ўқидан тирик қолган парижликлар қонга беланган ҳолда навбатдаги ҳужумдан қўрқиб қочишмоқда. Баъзилар эса ҳалок бўлган дўстларини ўзлари билан олиб кетишга уринишади, баъзилар кўчадаги бинолар томларига чиқиб олишга ҳаракат қилишади. Шунингдек, бир қанча киши театрдан чиқиб, йўлда йиқилгани ва жон бергани кўринади.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь оқшомида Парижда давомли терактлар содир этилди.

Террорчилар аввалига Франция ва Германия ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтаётган «Стад де Франс» стадиони яқинида портлаш содир этди. Шундан сўнг, Сена дарёси бўйидаги бир қатор ресторанларда хўрандаларга қарата ўт очилди.

Энг ҳалокатли воқеалар эса "Батлакан" театрида юз берди. Концерт вақтида бинога кириб келган жангарилар 4 томонга ўт сочиб, юз нафарга яқин кишини отиб ташлаб, кўплаб кишиларга жароҳат етказишди.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, терактлар оқибатида 128 киши ҳалок бўлган, 200 га яқин одам тан жароҳати олган.

ОАВларда эса ҳалок бўлганлар сони 153 нафар, жароҳатланганлар 250 нафарлиги айтилмоқда.