Жамият | 19:31 / 22.11.2015
22631
4 дақиқада ўқилади

Ботир Қодировнинг узоқ кутилган концерти Kun.uz нигоҳида

21 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги "Истиқлол" санъат саройида истеъдодли санъаткор Ботир Қодировнинг узоқ кутилган яккахон концерти бошланди.

KUN.UZ мухбири концертга ташриф буюрди ва жараённи кузатиб, саҳнадаги лаҳзаларни фотосуратларга муҳрлади.

2012 йилдан буён, 3 йиллик танаффусдан кейин илк бор катта саҳнада чиқиш қилган хонанда бу концертга жиддий тайёргарлик кўргани сезилди.

Концертнинг очилиш қисмида хонанда томонидан миллий қўшиқлар куйланди.

Саҳнада ижро этилган, бундан олдинроқ мухлислар орасида машҳурлашган "Эй, дўстим" ва "Жим туринг" номли қўшиқлари концертга тушганлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Концертда янграган янги қўшиқлардан бири, "Ватан хизматида юрганлар" қўшиғи мухлислар орасида янги "хит"га айланишини кутиш мумкин.

Бу қўшиқ ҳар қандай тингловчида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириши шубҳасиздир.

Унинг "Онамдан кейин" номли қўшиғи эса концерт залига ташриф буюрган томошабинларни чин маънода ларзага солди.

"Бир телба бўлиб қолдим онамдан кейин, ёлғизлигим сезилди онамдан кейин...", дея марҳум онасига бағишланган қўшиқни куйлайди Ботир Қодиров.

Концертда оғир қўшиқлар билан мухлислар "чарчатиб қўйилмади", аксинча, унда шўх қўшиқларнинг улуши ҳам кам бўлмади ва хонанданинг ўзи мухлислар олдига тушиб, улар даврасида рақсга тушди.


Концертга ташкилотчилар профессионал даражада тайёрланишганини эътироф этмоқ керак. Концерт баннерининг ўзига хос услубда тайёрланишидан тортиб, концертнинг тарғиботи ҳам профессионал ёндашилганини кўриш мумкин. Натижада, бу концерт маълум маънода шоуга айланди, визуализация ва ёритиш эффектлари дастурнинг байрамона, шукуҳли ўтишини таъминлаб берди. Шу ўринда қайд этиш керакки, концерт сценарийсини тузишда халқаро тоифадаги продюсер Франки Раден билан ҳамкорлик қилинган.


2 соатдан ошиқроқ вақт давомида мухлисларни зериктирмаган хонанданинг юзи ёруғ бўлди дейиш мумкин. Халқ уни концерт сўнгида олқишларга кўмди.

Биз ҳам унинг чиқишини яхши баҳолаймиз ва унинг санъати гуркираб ўсишда давом этишини тилаймиз.
Қўшимча ўрнида, мухлис сифатида шуни билдиришимиз мумкинки, концертнинг ягона камчилиги - унда фонограммадан фойдаланилгани бўлди. Зеро, мухлис учун жонли ижронинг қадри бўлакча ва аҳамиятлироқдир.
Бу ҳақда концертдан олдин огоҳлантирилган, дастурнинг шоу тарзида ўтказилаётгани, унда видеоматериаллардан фойдаланилиши ва айрим техник сабаблар ҳамда хонанданинг толиқиб қолишидан сақланиш туфайли айрим қўшиқларда фонограммадан фойдаланишга қарор қилингани айтилганди.
Лекин ишонч билан айтиш мумкинки, Ботир Қодиров бундай концертларни жонли овоз билан ўтказишга қодир. Унинг салоҳияти эвазига кейинги концертларда шу жиҳат эътиборга олинишига умид қиламиз.

АНОНС. Кун.уз 23 ноябрь куни, концерт якунидан сўнг 3 кунлик концерт тафсилотларини ўзида жамлаган видеолавҳаларни намойиш этади.

Маълумот ўрнида. Ботир Қодиров 1981 йилнинг 6 май куни, Андижонда санъаткорлар оиласида таваллуд топган. Унинг онаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зулхумор Қодировадир. Ботир Қодиров болалигидан қўшиқ куйлашга иштиёқи баланд бўлган. У мактабни тамомлагандан сўнг 2000 йилда Андижон санъат коллежига ўқишга киради. Коллежни тугатгандан сўнг эса Тошкент Давлат Маданият институтининг анъанавий хонандалик факултетида таҳсил олишни бошлайди. Илк ижодини у 2005 йилда "Сени ўйлайман" қўшиғи билан бошлайди. Унинг "Севиб қолганман ёмон", "Алдамадим", "Онам бўлади", "Адашдим" ва "Сени ўйлайман", "Йиғлайсанми" каби қўшиқлари мухлислар кўнглидан жой топиб, хит тароналарга айланганди.

 

Концертда тақлидчилар гуруҳи меҳмонлар сифатида чиқиш қилишиб, томошабинларнинг кайфиятини кўтаришди.

Шунингдек, мухлислар хонанданинг шогирди ижоди билан танишишди.