ОАВ: Россия вертолёти Туркия орқали АҚШ етказган ракета билан уриб туширилди
Россиянинг 24 ноябрь куни Сурияда уриб туширилган Ми-8АМТШ вертолётига қарши АҚШнинг BGM-71 TOW танкларга қарши комплекси қўлланган. Вертолётнинг ўққа тутилиши қайд қилинган видеолавҳа YouTube сервисига жойлаштирилди.
Бир қатор экспертларнинг айтишича, мухолиф кучлар бу қуролни АҚШдан Туркия орқали олган. Вертолёт, ўз навбатида, Туркия томонидан уриб туширилган Су-24М самолёти экипажини қутқариш учун йўлланган эди.
Видеонинг 2-45 секундларида комплекснинг ишга туширилиши жараёнини кузатиш мумкин. Бундай турдаги комплекслар Туркия орқали Суриядаги кўнгиллиларга ва мухолиф жангчиларга етказилиши мана шу кузатувлардан сўнг маълум қилинди.
“Етказувчилар сони иккита – жануб ва шарқдаги гуруҳларга қуролни асосан саудияликлар етказиб беради, Сурия шимолида ҳаракат қилаётган террорчилар эса уни Туркиядан олади”, - деди матбуот билан суҳбат уюштирган экспертлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, охирги кунларда Россия матбуоти туркманлар ва курдларнинг кўнгилли гуруҳларини, шунингдек, мухолиф ҳарбий бирлашмаларни ўз материалларида “террорчилар” ва “тўдалар” деб атай бошлади.
Таъкидланишича, бундай турдаги қуроллар “террорчилар”га юзлаб ададда етказиб берилган.