Жамият | 09:35 / 30.11.2015
7062
1 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида пиёдани машинасида уриб, қочиб кетган ҳайдовчи талаба 6 соат ичида ушланди

Тошкент шаҳрида 33 ёшли пиёдани машинасида уриб кетган ва воқеа жойини тарк этган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори майор Алишер Абдуқодиров "Бекажон" газетасига маълум қилган. 

Хабар қилинишича, пиёда оғир тан жароҳати билан шифохонага келтирилган.

"Ходимларимиз жиноятчини аниқлаш ва қўлга олиш учун 6 соат вақт сарфлашди. У ҳодиса юз берган куннинг ўзида, кечқурун 20:00лар атрофида ушланди. У Тошкент шаҳридаги ОУЮларидан бирининг биринчи курси талабаси экани аниқланди. Қидирув бўлими ходимлари бундай ҳодисаларни аниқлашда воқеани ўрганиш учун атрофдаги видеокузатувларни ўрганишади, ҳайдовчининг ўша пайтда телефонда олиб борган сўзлашувлари кўриб чиқилади ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланади. Бугунги кунда техника тараққиёти туфайли ҳеч бир ЙТҲни яшириб бўлмайди", - дейди майор Абдуқодиров.