Жаҳон | 14:46 / 18.12.2015
5623
2 дақиқада ўқилади

Су-24 самолёти "қора қути"ларининг расшифровкаси натижалари 21 декабрь куни эълон қилинади

Су-24М самолёти «қора қути»ларининг расшифровкаси натижалари 21 декабрь куни оммага маълум қилинади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берган.

18 декабрь 10:00да (Тошкент вақти билан 12:00) Давлатлараро авиация қўмитаси 2015 йилнинг 24 ноябрь куни Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Сурия осмонида уриб туширилган Су-24 самолётининг объектив назорат қилиш бўйича борт воситалари маълумотларини дешифровка қилиш жараёнини бошланиши билан брифинг ўтказилди.

Расшифровка натижалари 21 декабрь куни эълон қилиниши айтилган.

"Эртага, 19 декабрь куни парвоз бўйича маълумотларни таҳлил қилиш ишлари якунланади. Барча натижалар олингач, 21 декабрь, душанба куни катта аудитория қаршисида расшифровка жараёни хулосалари тақдим қилинади", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги вакили берган хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўша куни Су-24 самолёти ҳавога кўтарилганидан кейин Туркия томонидан уриб туширилгунича 40 дақиқа давомида учишни амалга оширган.

Бундан олдинроқ, Россия Су-24 Туркия ҳаво чегарасини бузмаганлигини исботловчи далилларга эгалиги ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябр куни турк қирувчи ракетаси томонидан Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти уриб туширилди. Шундан сўнг, икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашди.

Россия президенти Владимир Путин ушбу можарони террорчилар шериклари томонидан “орқадан берилган зарба” дея баҳолади ва Туркияга қарши бир қатор иқтисодий чоралар қўллаш ҳақида фармон эълон қилди.