Қозоғистонлик ўқитувчи 8-синф ўқувчисини дўппослагани муҳокамаларга сабаб бўлди
Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Узуноғоч қишлоғидаги мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари 8-синф ўқувчисини калтаклашда гумон қилинмоқда. Тармоққа чиқиб кетган видеода кўринишича, эркак болага “тарбиявий соат” ўтиш асносида тарсакиларни аямаган. КТК телеканалининг хабар беришича, воқеа юзасидан тафтиш олиб борилмоқда.
Видеоролик муҳокамаси асносида кўпчилик фойдаланувчилар ўз норозиликларини билдиришди.Мактаб ходимлари Замир исмли директор ўринбосарининг бундай одати йўқлигини, у ҳар доим яхши хулқ-атвор намоён қилиб келганини таъкидлашмоқда.
“Биз аниқлаштирмоқдамиз ва албатта чора кўрамиз. Уни ишдан ҳайдашимиз ҳам мумкин. Ўқитувчи ўқувчига қўл кўтаришга ҳақли эмас. Бу барчага тушунарли”, - деди Жамбул тумани маориф бўлими раҳбарининг ўринбосари Айтгул Медеуова.