Жаҳон | 13:58 / 22.12.2015
16055
2 дақиқада ўқилади

Фаолияти ижобий баҳоланган дунё етакчилари рейтинги эълон қилинди

Халқаро WIN/Gallup International тадқиқот ассоциацияси томонидан жаҳоннинг 65та мамлакатида дунё етакчилари фаолиятига бағишланган сўровнома ўтказилди.

Глобал масштабда ўтказилган сўровномада жами бўлиб 63,976 киши иштирок этди. Ҳар бир мамлакатдан ўртача 1000 киши саволларга юзма-юз (28та мамлакатдан жами 30 минг киши) жавоб берган бўлса, 15 мамлакат фуқароси ҳисобланган 11,7 минг киши телефон орқали, 22 давлатда яшовчи 22 минг фуқаро эса интернет ёрдамида анкета тўлдиришди. 2015 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида ўтказилган сўровнома натижаларининг ишончлилик даражаси 95 фоиз (+/- 3-5%)ни ташкил этади.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра, мазкур рейтингнинг биринчи поғонасидан АҚШ президенти Барак Обама жой олди. Унинг фаолиятини 59 фоиз респондентлар қўллаб-қувватлаган. 29 фоиз кишилар эса қарши овоз берган. Иккинчи бўлиб Германия канцлери Ангела Меркель тилга олинди. Унга 42 фоиз респондент ёқлаб овоз берган. Британия бош вазири 37 фоиз овоз тўплаган ҳолда учинчи ўринга лойиқ деб топилди.

Шунингдек, Франция президенти Франсуа Олланд 35 фоиз ижобий овоз билан тўртинчи ўринни банд қилди. Ўтган йилги рейтингдан 10 фоиз кам овоз тўплаган Россия президенти Владимир Путин рўйхатнинг кучли бешталигига якун ясади.

Кейинги ўринларда Хитой Халқ Республикаси етакчиси Си Цзиньпин (27 фоиз), Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди (24 фоиз), Бразилия президенти Дильма Руссефф (24 фоиз), Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ал Сауд (20 фоиз) ва Эрон президенти Ҳасан Руҳоний (19 фоиз) номи зикр қилинган.