BMW компанияси келажак автомобиллари учун интерьер яратди
BMW компанияси январь бошида Лас-Вегасда истеъмолчилик кўргазмасида намойиш қилинадиган янги прототипининг илк суратларини чоп этди. Концепт-кар ўзида келажак автомобиллари интерьери қандай кўриниш олиши мумкинлигини акс эттиради.
Vision Car деб ном олган прототипнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бири имо-ишоларни англаш AirTouch уч фазоли тизими бўлиб, унинг ёрдамида навигатор, кўнгилочар мажмуа ва алоқа функцияларини бошқариш мумкин.
Имо-ишораларни англайдиган сенсорлар машинанинг асбоблар панелида ўрнатилган. Ҳайдовчи ёки йўловчи мультимедиа тизими функцияларини бошқариши учун қўлини марказий консоль ва салондаги орқа кўриниш ойнаси ўртасидаги соҳага олиб келиши етарли бўлади.
Қўллар ҳаракати ёрдамида менюдаги саҳифаларни варақлаш ва менюости бандини танлаш мумкин бўлади. Бундан ташқари, прототип уёки бу функцияни танлашга имкон берувчи қўшимча тизим билан жиҳозланган. Рул чамбари ва ўнг олд эшикдаги тирсак қўйгич бирор режимни уларга босиш орқали танлаш имконини беради. Агар тизим айни лаҳзада танловни амалга оширишга имкон берса, рул чамбари ва тирсак қўйгич ёруғланиб туради.
Имо-ишоралар билан бошқариш тизими BMW’нинг серияли автомобилларида ҳам мавжуд. Бундай функция билан охирги авлоддаги 7-Series седани жиҳозланган. Машинада қўл ҳаракати билан мусиқа овозини ўзгартириш, кирувчи қўнғироқларни қабул қилиш ёки навигатордаги йўналишни тасдиқлаш мумкин. Айни пайтда седаннинг борт электроникаси 5 та имо-ишорани англай олади.