Жаҳон | 09:30 / 30.12.2015
5085
3 дақиқада ўқилади

Британиялик фотожурналист Tesla’нинг улкан фабрикаси қурилаётган жойдан илк суратларни чоп этди

АҚШнинг Tesla компанияси Невада штатида қаттиқ сир сақлаган ҳолда янги фабрика қурмоқда, бироқ компания британиялик фотожурналист Жеймс Липмэнга фабриканинг бир нечта суратларини чоп этишга рухсат берди. Бу ҳақда Business Insider нашримаълум қилди.

Компания томонидан “Гигафабрика 1” (Gigafactory 1) деб номланган бу фабрика қурилиши 2020 йилга якунланади. Қурилиш якунлангандан кейин у дунёда ҳажми бўйича 2-рақамли бино бўлади – унинг майдони Нью-Йоркдаги Марказий боғдан 3 баробар каттароқ бўлади. Дунёдаги энг йирик бино номини ҳанузгача Boeing компанияси фабрикаси ушлаб турибди.

Компания шу тобгача янги фабрикасини суратга олишни тақиқлаб келаётганди. Октябрда Reno Gazette-Journal газетасининг икки нафар мухбири фабрика ҳудудига кириб, у ерда суратга олиш пайтида қўлга олингани овоза бўлиб кетганди. Ўшанда мухбирлар қўлга олиниши пайтида компания ходимларидан бирини яралаган, сўнгра ўз машинасида компаниянинг яна икки нафар ходими ўтирган квадроциклга бориб урилган.

Бироқ, кўринишича, реклама билан шуғулланувчи фотосуратчи Жеймс Липмэн компаниядан суратга олиш учун рухсат олган биринчи одам бўлганга ўхшайди. У ўзининг инстаграмида фабрика меҳмонлари учун холл қандай кўринишини намойиш қилди: бу холл оппоқ рангда бўлиб, унда оқ ва қора диванлар жойлаштирилган.

Компания бино ташқарисидан ёқилғи қуйиш станциясини ўрнатган. У фабриканинг ўзи каби атрофдаги чўлдан ажраб туриши учун қизил ва оқ рангларда безалган. Фабрика ҳудудидаги кўча “Электр авеню” номини олган.

Липмэннинг айтишича, фабрикада тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилади.

Business Insider’нинг таъкидлашича, Липмэн компания учун фотосессия ўтказаётганини тахмин қилиш мумкин ва шунинг учун яқин орада фабрикадан олинган кўпроқ фотосуратлар пайдо бўлиши мумкин.

Фабрикани аввал фақатгина дронлар ёрдамида ҳаводан олишнинг иложи бўлган. Хусусан, июнда олинган видеода компания бино устига улкан қуёш батареяларини ўрнатаётгани тасвирланган. Бу қуёш батареялари қурғоқчил Невадада энергия олишнинг жуда самарали воситаси бўлади. Хусусан, суратлардан бирида бинодан унча узоқ бўлмаган жойда кўплаб шамол парраклари ўрнатилганини ҳам кўриш мумкин.