Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ислом Каримов: Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўсиш 2016 йилда 7,8 фоизга тенг бўлади
2016 йил кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон халқига Янги йил табригини йўллади. Президентнинг байрам табриги Ўзбекистоннинг барча марказий телеканаллари орқали ўқиб эшиттирилди.
Президент ўз табригида кириб келаётган 2016 йил 2015 йилга қараганда кам бўлмасдан, хосиятли ва самарали бўлишига ишонч билдирган.
Ўзбекистон ҳукуматининг прогноз ва ҳисоб-китобларида кўрсатилишича, кириб келаётган 2016 йилда иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари 7,8 фоизга, аҳолининг жон бошига тўғри келадиган реал даромадлари 9,5 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларнинг миқдори турли манбалар ҳисобидан 15 фоизга ошиши кутилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда давлат бюджетида илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт тармоқларини ўзида мужассам этган ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар 2015 йилда ўзлаштирилган маблағларга нисбатан анча кўпроқ бўлиб, давлат бюджети умумий харажатларининг 59,1 фоизини ташкил этади.
"Кириб келаётган йилда барча молиявий манбалар ҳисобидан иқтисодиётимизга 17 миллиард 310 миллион доллар миқдоридаги капитал қўйилмалар йўналтирилиб, уларнинг 23,5 фоизини чет эл инвестициялари ташкил этади.
Бир сўз билан айтганда, янги – 2016 йил кўпгина кўрсаткичлар бўйича якунига етаётган 2015 йилга нисбатан кам бўлмасдан, балки кўп соҳаларда ундан анча юқори ва зиёда бўлиши мўлжалланмоқда.
2016 йилда умумий қиймати 5 миллиард 500 миллион доллар бўлган 164 та йирик ишлаб чиқариш объектида қурилиш ишларини якунига етказиш ва уларни фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.
Шулар қаторида Толлимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 450 мегаватт бўлган иккита буғ-газ турбинаси, Ангрен иссиқлик электр станциясида 150 мегаватт қувватга эга бўлган энергия блоки қурилишини ниҳоясига етказиш, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 70 минг тонна мис ишлаб чиқарадиган металл эритиш корхонасини барпо этиш каби ўта муҳим лойиҳалар борлигини таъкидлаш лозим.
2016 йилда хитойлик шериклар ёрдамида Қамчиқ довонини кесиб ўтадиган 19 километрлик туннель қурилишини тугатиб, Фарғона водийсини бутун Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўл ишга туширилиши, шунингдек, “Тошкент – Самарқанд” тезюрар темир йўл қатновининг Бухорогача етиб бориши белгиланган.
Айни вақтда “Женерал моторс – Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида “Т-250” моделидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Муборак газни қайта ишлаш заводида йиллик қуввати 80 минг тонна бўлган олтингугурт гранулалари тайёрлайдиган корхонани барпо этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, замонавий тракторлар, янги русумдаги мобиль телефонлар, планшет компьютерлари, ноутбуклар, телевизор ва холодильниклар, кондиционерлар ҳамда бошқа маиший электр техника буюмлари, кенг турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарадиган қувватлар ҳам фойдаланишга топширилади.
Келгуси йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Боинг-787” ҳаво лайнерларининг энг замонавий авлодига мансуб иккита янги самолёт билан таъминланиши мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади", дейди давлат раҳбари.