Иқтисодиёт | 12:19 / 01.01.2016
9089
2 дақиқада ўқилади

Россия Украина 3 млрд долларлик қарз бўйича дефолтга йўл қўйганини эълон қилди

Россия Украина 3 млрд долларлик қарзини тўлашда дефолтга йўл қўйганини эълон қилди, деб хабар берди Россия молия вазирлиги. Москва Украинадан билдириладиган исталган салмоқли таклифни эътибор билан ўрганиб чиқишга тайёр.

Бунга Украина Россияга 3 млрд долларлик қарз ва 75 млн долларлик купонни тўламагани сабаб бўлган.

“Россия молия вазирлиги 1 январда Украина 2015 йил 31 декабрда тугаган имтиёзли давр ичида умумий миқдори 3,075 млрд долларлик қарзини тўламаганини маълум қилади”, деб айтилмоқда хабарда. Бу хабарни “Интерфакс” ахборот агентлиги келтириб ўтди.

Хабарда айтилишича, молия вазирлиги The Law Debenture Corporation компаниясига мурожаат қилиб, ушбу ҳолат юзасидан суд тафтишини бошлаш учун зарур бўлган жараёнларни бошлаш ташаббусини билдирди. Даъво аризаси Англиядаги судга топширилади.

17 декабрда Халқаро валюта жамғармасининг директорлар кенгаши Украинанинг Россия олдидаги қарзининг расмий мақомда эканлигини тан олди. Эртаси куни Украина бош вазири Арсений Яценюк Россияга қарзнинг тўланишига мораторий (муддатнинг узайтирилиши) киритди. Кремлда Украина шу тариқа дефолт, яъни қарзни муддатида тўлаш бўйича мажбуриятларини бажара олмаганини тан олгани айтилди.

Украина бу қарзни 2013 йил декабрида мамлакат президенти Виктор Янукович бўлган вақтда олган. Ушбу маблағлар Украинага унинг суверен евробондлари эвазига берилган. Ҳаммаси бўлиб Украинага 15 млрд доллар берилиши кўзда тутилган. Янукович ўз лавозимидан ағдарилгандан кейин Россия Украинага қолган пулларни беришни тўхтатган, Украинанинг янги ҳукумати эса қарзни 2015 йил 31 декабригача қайтаришдан бош тортган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш