Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бразилиялик легионер футболчи ўзига Украина армиясидан чақирув бўлгани ҳақида эслади
Украинанинг "Днепр" жамоаси вакили, бразилиялик 35 ёшли ярим ҳимоячи, Украина фуқаролигини олган Эдмар Галовский де Ласерда ўзига Украина армиясидан чақирув келганига муносабатини билдириб ўтди. У 2014 йилда Украина шарқида бошланган ҳарбий ҳаракатларни эслаб ўтган.
"Мен бу вақтда мамлакатдан ташқарида, қишки йиғинда қатнашаётгандим. Ўша вақтда бир қанча йигитларга армияга чақирув қоғозлари кела бошлади. Менга юборилган чақирув қоғозини уйда бўлган рафиқам олиб қолган. У ўша заҳоти хавотирланиб, менга қўнғироқ қилганди. Унинг хабарини эшитганимда шунчаки шок ҳолатига тушгандим. Ахир мен бундай бўлишини тасаввур ҳам қила олмасдим.
Шундан сўнг жамоа раҳбариятига мурожаат қилиб, улар орқали бу муаммони ҳал қилишга киришдим. Мен уларга ҳарбий либос киймоқчи эмаслигимни, чунки мен ҳарбийлардан нимани талаб қилишлари ҳақида ҳам тасаввурга эга эмаслигимни билдирдим. Мен ҳеч қачон қўлимга қурол олмаганман. Бразилиядалигимда ҳам мен ҳарбий хизмат ўтамаганман.
Украина футболи кейинги йилларда жиддий ўзгаришларга юз тутди. Мен Харьковда яшардим. Бу шаҳар Россия билан чегарадаги вилоят маркази. Бу ерда отишмалар рўй бермади. Лекин "Металлист" жамоасида инқироз юз берди ва жамоа йўқ бўлиб кетди.
Украина фуқаролигини мен бу мамлакат терма жамоасида ўйнаш мақсадида эмас, бу мамлакатга ўзимни яқинроқ ҳис қилиш мақсадида олгандим. Менинг бу мамлакат билан муносабатларим эртакнамо. Лекин шу билан биргаликда Бразилиядан узилиш ҳақида ўйламаганман.
Украинага келганимдан 2 ой вақт ўтганидан кейин ҳам менда тил билан жиддий муаммо бор эди. Бир куни мен гўшт ва бошқа маҳсулотлар олиш мақсадида бозорга бордим. Узоқ вақт давомида навбатда турдим. Навбатим келганида эса бармоғим билан ўзимга керакли нарсаларни кўрсата бошладим. Таржимоним йўқ эди, русчада эса биронта сўз билмасдим. Сотувчи мени тушунмади ва кетишимни талаб қилди. Мен кетдим ва ўша куни оч қолдим. Хонамда йиғламоқдан бери бўлиб ўтирдим.
Лекин кейинги 8 ой ичида русчада бемалол гаплаша оладиган бўлдим ва ўша бозорга яна бордим. Ўша сотувчига тушунарли тилда ўзимга нима кераклигини айтдим. У эса маҳсулотларининг энг сараларини менга тавсия қилди.
Унга ўтмишдаги воқеани эслатганимда эса у ўшанда чарчоқ туфайли менга қилган муомиласи учун узр сўради", дея эслайди Эдмар.