Жаҳон | 10:25 / 02.01.2016
13478
2 дақиқада ўқилади

Hurriyet: Россиянинг Суриядаги таъсири Туркияни асабийлаштирмоқда

“2015 йил Туркия учун оғир бўлди, бироқ 2016 йил енгил бўлади. Мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсий муаммолари ечилмасдан қолди ва Туркия улар билан яқин орада шуғулланишга мажбур бўлади”, деб ёзмоқда Туркиянинг Hurriyet нашри.

Нашр Туркиянинг бош муаммоларидан бири сифатида Суриядаги уруш ва Анқара билан эндиликда танг муносабатда бўлган Россиянинг бу мамлакатда олиб бораётган ҳарбий операцияси сабабли ундаги вазиятга таъсирининг чекланганлигини айтмоқда. Бу турк ҳукуматини асабийлашишга мажбур қилмоқда. Туркия ҳукумати ИШИД жангариларининг Туркияга киришини Сурия билан 98 километрлик чегарасини ёпиб олдини олиш билан вазиятни тартибга солиши мумкин, бироқ бу “Туркиянинг охирги 4 йил ичида Сурияга нисбатан олиб борган сиёсатининг якунланишини” англатади.

“Суриядаги фуқаролик уруши уни тартибга солишга уринишларга қарамасдан, давом этади. Туркиянинг Суриядаги ҳаракатлари Россия самолётини уриб туширгандан кейин агарда Эрдўған Путин билан келиша олмаса, Россия сабабли чекланади”, дейилмоқда мақолада.

Hurriyet бошқа муаммолар орасида курд масаласи, мамлакатнинг янги конституцияси устидаги иш ва Россия билан муносабатларнинг ёмонлашиши сабабли юзага келган иқтисодий қийинчиликларни келтирмоқда. Россиянинг эмбаргоси туфайли Туркиянинг сайёҳлик ва қурилиш тармоқлари азият чекади.

Туркия юзага келган бўшлиқни Форс кўрфази давлатларини жалб қилиш ҳисобига тўлдиришга ҳаракат қилиб кўради, бироқ бу етарли бўлмаслиги мумкин. Анқара борган сари кўпроқ Европага суянишига ва Исроил билан муносабатларни йўлга қўйишига тўғри келади, деб ҳисобламоқда газета.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш