Жамият | 13:37 / 02.01.2016
4208
2 дақиқада ўқилади

ZTE компанияси Nubia.com доменини 2 млн долларга сотиб олди

ZTE Nubia премиал смартфонлар қаторининг пайдо бўлганига 3 йил бўлди ва компания уни жаҳон бозори, авваламбор Европа ва АҚШда жадалроқ илгари суришга эътибор бериш вақти келди, деб ҳисобламоқда. Расман бу ҳақда эълон қилинмади, бироқ компания шу мақсадда Nubia.com домен номини 2 млн долларга сотиб олди. Бунгача ZTE компанияси Nubia билан боғлиқ иккита адрес – Nubia.cn ва Nubia.com.cn’га эга эди, бироқ уларнинг иккиси ҳам хитой тилидаги саҳифага йўллаган.

Сериянинг охирги моделларидан бири Nubia Z9’ни Хитойда сотиб олиш мумкин, бироқ кўплаб давлатларда смартфонга Хитойдаги бирор онлайн-дўкон орқали, мисол учун AliExpress ёки JD орқали буюртма беришга тўғри келади.

Бироқ домен учун тўланган 2 млн доллар охирги вақтларда смартфонлар глобал бозорини эгаллаётган Хитой компаниялари учун рекорд натижа эмас. Мисол учун, Xiaomi компанияси 2014 йилда 3,6 млн долларга Mi.com адресини сотиб олган.

ZTE Nubia Z9 смартфони ҳақида гапириладиган бўлса, смартфон 2015 йил майида илк бор намойиш қилинган. Смартфон 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 810 процессори, 3 ёки 4 Гбайт тезкор хотира, 32 ёки 64 Гбайтли доимий хотира, 5,2 дюймли дисплей, ёнларга эгилган 2,5D ли ҳимояловчи ойна ва деярли сезилмайдиган, эни 0,8 мм ли рамкалар билан жиҳозланган.

Сериянинг кейинги флагман смартфони Nubia Z11 модели бўлиши тахмин қилинмоқда. Смартфон Qualcomm Snapdragon 820 процессори, 4 Гбайт тезкор хотира, 128 Гбайт гача флеш-хотира, QHD-дисплей, бармоқ излари сканери ва 20,7 Мп ли асосий ва 13 Мп ли олд камералар билан жиҳозланади.