Жаҳон | 10:52 / 03.01.2016
4579
2 дақиқада ўқилади

Баҳрайнда ан-Нимрнинг қатлига норозилик билдириб чиққанларга кўзни ёшлантирувчи газ қўлланди

Баҳрайн ИИВ Саудия Арабистонида шиалар етакчиси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилишидан кейин ғазабланган баҳрайнликларни ноқонуний ҳаракат қилмаслик кераклиги тўғрисида огоҳлантирди. 

Бу орқали Баҳрайн 47 кишига нисбатан ўлим ҳукмини ижро этган Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлашини билдирди, дея хабар бермоқда ТАСС агентлиги.

"Баҳрайн Қироллиги ўз қатъий позициясини тасдиқлайди ҳамда зўравонлик ва экстремизмга қарши курашда барча зарур ва узил-кесил чораларни қўллаётган Саудия Арабистони билан ҳамжиҳат эканини билдиради", дейилади ҳукумат баёнотида.

2 январь куни Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги терроризм билан шуғулланганлик ва уни рағбатлантиришда айбланган 47 кишига чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилгани ҳақида эълон қилди.

Қатлга буюрилганлар орасида "Ал-Қоида" ташкилотининг Саудия Арабистонидаги бўлими етакчиси Фарис аз-Захрани ҳамда шиалар йўлбошчиси Нимр ан-Нимр номлари бор.

Қатлга норозилик белгиси сифатида Ан-Нимрнинг ватани Баҳрайндаги Аш-Шарқия шаҳри аҳолиси намойишга чиқди. Полициячилар кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланиб, уларни тарқатиб юборди.

Баҳрайн ҳукумати мамлакат қонунчилигида бошқа давлатга нисбатан туҳмат қилганлик учун 2 йилгача қамоқ жазосини тайинлаш белгилангани ҳақида эслатиб ўтган.
Баҳрайн ИИВ аҳолидан бу мавзудаги маълумотларни фақат расмий манбалардан олишга ва ишончсиз маълумотлардан фойдаланмасликка чақирган.