Жамият | 18:24 / 03.01.2016
5712
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Обама президентлигининг охирги йилини бошлашдан олдинги таътилда "куч тўпламоқда"

АҚШ президенти Барак Обама Гавайида ўтказилаётган таътили давомида "ўз ишини охиригача етказиб қўйишга киришиш" олдидан "куч тўпламоқда". Бу ҳақда Associated Press нашрида ёзилади.

У таътилдан қайтгач, биринчи навбатда АҚШ бош прокурори Лоретта Линч билан учрашиб, мамлакат аҳолисига қурол берилиши ва қуролдан фойдаланиш тартибларини қатъийлаштириш масаласида муҳокама ўтказмоқчи.

"Ҳар сафар бизга қурол бериш тартиби бўйича ислоҳот ўтказиш бўйича таклифлар билдирилади. Бу орқали қотиллик ва отишмаларни тўхтатиш мумкинлиги айтилади. Ҳа, биз биламиз, бу орқали барча жиноятларнинг олдини олиб бўлмайди, лекин ҳеч бўлмаса, биттасининг олдини олишга эришсак ҳам бу натижа бўлади", дейди Обама.

Қонунчиликка кўра, лицензия бўйича қурол сотувчилар харидорнинг талабини жиддий ўрганиши ва текшириши керак бўлади. Лекин ҳозирда кўпгина сотувчилар ноқонуний фаолият олиб боришмоқда.

АҚШ президенти ва унинг оиласи Обама туғилган Гонолулуда таътилни ўтказмоқда. Қайд этилишича, таътил вақтида Обама ва унинг оила аъзолари расмий маросимларда иштирок этишмаган.