Жамият | 20:04 / 04.01.2016
22661
5 дақиқада ўқилади

“Даракчи” 2015 йилнинг ўзбек кино рейтингини эълон қилди

“Даракчи” газетасининг Янги йил сонида 2015 йилнинг якунларига бағишланган кўплаб рейтинглар қаторидан кино рейтинги ҳам эълон қилинди. Унда турли номинациялар бўйича сараланган фильмлар, актёрлар ва режиссёрлар ўрин олди. Рейтинг Darakchi.uz сайтида мухлислар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига асосланди.

Ватанпарварлик руҳидаги йилнинг энг яхши фильми” номинацияси бўйича биринчи ўрин Ҳилол Насимовнинг “Гумроҳлар” фильмига берилди.

Иккинчи ўринни Рустам Саъдиевнинг “Сотқин” кинокартинаси эгаллаган бўлса, учинчи поғонани яна ўша Ҳилол Насимовнинг “Ажал жодуси” фильми забт этди.

Бунинг акси бўлмиш номинация – “Йилнинг энг бачкана фильми”да биринчилик “Ўзга сайёралик эр” фантастик комедиясига “насиб” қилди.

Ундан кейинги ўринларга Жавлон Шодмоновнинг “Қора танли божалар”, Суръат Исломов ва Ойбек Холмедовларнинг “Қўчқор аканинг коптоги” картиналари қўйилди.

Янги қиёфаларни кашф этган йил режиссёри” номинациясида яна Ҳилол Насимов етакчилик қилмоқда: “Ажал жодуси” фильмида бош ролларни ижро этган Шоҳрух ва Фотиҳ Насимовларнинг маҳоратига тан берган кинотанқидчилар шундай фикрга келишди. Ҳисобот йилида катта экранларга чиққан Қ. Каримбердиевнинг “Телефон” номли фильмида Анвар образини яратган Тимур Исрофилов 2015 йилда илк маротаба бош ролни ижро этиб, мазкур рейтингда иккинчи ўринни эгаллади. Ниҳоят, Шавкат Комилов Озод Шамснинг “Кўз ёшим” фильмида бош ролни ижро этиб, тилга тушгани боис ундан кейинги поғонани банд этди.

Йилнинг энг дангаса режиссёри” деб Саид Мухторов тан олинди: у йил давомида фақатгина “Онасининг боласи” фильми билан кўриниш берди, холос. Санжар Маткаримов эса 2013 йилда олинган “Ҳай, ҳай қизалоқ” фильмидан сўнг бирорта картинани мухлисларига тақдим этмади. Учинчи ўринга 2012 йилдаги “Муғомбир куёв” фильмидан сўнг кўринмай қолган режиссёр Бурхон Шаропов муносиб кўрилди.
Актёрлик номинациялари иккита эди, улардан бири энг яхши жуфтликларни, иккинчиси эса, табиий, номуносиб жуфтликларни кўрсатиб берди.

“Йилнинг бир-бирига энг мос жуфтлиги” сифатида Умид Искандаров ва Лола Йўлдошевалар тан олинди. Улар “Бу телба муҳаббат” фильмидаги ижролари боис мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлди. Хонанда Али Отажонов ва актриса Ситора Алимжонова ушбу рейтингда “Муҳаббатимсан” фильмида гавдалантирган образлари туфайли иккинчи поғонани забт этди. Актриса Шаҳло Темирова ва актёр Акмал Назаровлар эса “Дилор, Дилор, Дил ва ор” фильмидаги ижроси учун учинчи ўринга қўйилди.

Йилнинг экранда энг номуносиб жуфтлиги” деб Жаҳонгир Позилжоновнинг “Қизалоғим” фильми бўйича шериги Наргиза Салмонова билан ҳосил қилган жуфтлиги эътироф этилди. Кейинги ўринларда – “Тилимдамас дилимда” фильмида бирга ўйнаган Феруза Норматова ва Муҳаммадали Наврўзов, шунингдек, “Бахт ортидан” картинасида жуфтлик ҳосил қилган Диёр Маҳкамов ва Муқаддас Саъдуллаевалар.
Нашр ўзининг шахсий “Олтин малина”сини ҳам таъсис этди. Бу аксилмукофотга энг омадсиз ижодкорлар сазовор бўлди. Жумладан:

Кинодаги образига номуносиб йил актёри: 1. Шерзод Бин “Жаноб ходдогчи” фильмидаги раҳбар роли учун; 2. Фаррух Соипов “Сотқин” фильмидаги суст ижроси учун.

Кинодаги образига номуносиб йил актрисаси: 1. Юлдуз Ражабова “Севги, балки бу - жаннат” фильмидаги ижроси учун; 2. Наргиза Салмонова “Онаизор” фильмидаги ижроси учун.

Йилнинг энг меъдага теккан актёри: 1. Асқар Ҳикматов; 2. Жавлон Шодмонов.

Йилнинг энг меъдага теккан актрисаси: 1. Шаҳзода Муҳаммедова; 2. Муқаддас Саъдуллаева.