Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
CES 2016 кўргазмасидан нималар кутилаяпти: гап-сўзлар ва намойиш саналари
CES 2016 кўргазмаси очилишига бағишланган расмий маросим 6 январь куни бўлиб ўтишига қарамасдан, 4-5 январь кунлари етакчи электроника ишлаб чиқарувчилари ҳар бир йирик ҳодисадан аввал ўтказиш анъанага айланиб улгурган тадбирлар – кўргазмадан олдинги кўргазмаларни ташкиллаштиришни режалаштирмоқда. Энг кутилаётган анонслар ва CES 2016 да нималар намойиш этилиши тўғрисидаги гап-сўзлар Phonearena манбасида эълон қилинди.

Жанубий Кореянинг Samsung компанияси матбуот анжумани 5 январь куни 45 дақиқа давом этади. Бироқ унинг атрофида кўплаб қизиқарли гап-сўзлар айланмоқда. Бир қатор ахборот манбалари CES 2016 кўргазмасида компания ўзининг янги Galaxy S7 флагман смартфонини тақдим этишга тайёргарлик кўраётганини тасдиқлаган.
Samsung компанияси бир ҳафта муқаддам тақдим этилган Samsung Galaxy A9 намойишини ҳам ўтказишни режалаштирган. Бундан ташқари, компания ўзининг Samsung Pay тўлов тизимини ҳам ҳавола этиши мумкин. Дастурчиларнинг ваъда қилишича, мазкур тизим нафақат NFC чиплари ўрнатилган смартфонлар, балки арзонроқ бюджет қурилмаларидан ҳам ишлаши лозим.
LG эса CES 2016 кўргазмасида янги истиқболли смартфонларини тақдим этади. 2014 йил сўнгида G Flex 2 намойиш этилган бўлса, жорий кўргазмада G Flex 3 тақдимоти ўтказилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шунингдек, компания идиш-товоқларда сув доғини қолдирмайдиган идиш ювиш машинаси ва WebOS 3.0 базасидаги телевизорларни ҳам намойишга қўймоқчи.

Sony компанияси эса CES 2016 кўргазмасида 6,44 дюйм ва 2160х3840 пиксел сиғимига эга Xperia Z5 Ultra смартфонини ҳавола қилиши кутилмоқда. Ушбу смартфоннинг камераси 23 мегапикселни ташкил этади.
Хитойнинг Huawei компанияси эса кўргазмада энг камида Huawei Mate 8 смартфонини намойиш қилади. Мазкур смартфон 6 дюймли экран, HiSilicon Kirin 950 процессори ва 3-4 ГБ оператив хотира, шунингдек, 16 Мп.ли Sony IMX298 камераси билан таъминланади.
Хитойда фаолият кўрсатувчи яна бир йирик компания – Lenovo эса бир вақтнинг ўзида бир нечта смартфон, планшет ва ноутбукларини тақдим этмоқчи. Бироқ унинг айнан қайси маҳсулотлар билан иштирок этиши номаълум.

Asus компанияси ҳам ҳеч бўлмаса битта смартфон билан иштирок этмоқчи. Катта эҳтимол билан у CES 2015 вақтида намойиш этилган муваффақиятли Asus ZenFone 2 смартфонининг янгиланган намунасини тақдим этади.




