Ўзбекистон | 13:55 / 04.01.2016
21358
3 дақиқада ўқилади

Доимий пропискага ўтиш учун онлайн ариза тақдим этиш хизмати ишга тушди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан янги интерактив хизмат йўлга қўйилди. Унга кўра, фуқаролар Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали доимий прописка қилиш учун онлайн ариза тақдим этиш имкониятига эга бўлди.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида келтирилишича, хизмат жисмоний шахслар учун мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги "Давлат божи ставкалари ҳақида" 533-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини рўйхатдан ўтказганлик ва чиқарганлик учун, шунингдек, турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоиз миқдорида давлат божи ундирилади.

Хизматни кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти; туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган, ота-оналаридан (васийлар ва ҳомийлардан) алоҳида яшовчи шахслар учун); ҳарбий билет ёки шахсий гувоҳнома (казармалардан, кемалардан ташқарида яшовчи ҳарбий хизматчилар учун) каби ҳужжатлар талаб қилинади.

16 ёшга тўлмаган, ота-оналари (васийлари, ҳомийлари) билан бирга яшайдиган болаларни қайд этиш туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар бўйича, улар тўғрисидаги маълумотларни уй дафтарларига (қайд этиш варақчаларига) киритиш орқали амалга оширилади.

Агар судланган шахслар ўчирилмаган ёки ўрнатилган тартибда ечилмаган бўлса, шахс террористик, экстремистик, жиноий ва бошқа тақиқланган гуруҳларга аъзо бўлса ёки ўзи ва яқин қариндошлари ҳақида хато маълумотлар ёки ҳужжатлар тақдим этса ариза рад этилиши мумкин.

Шунингдек, ҳужжатлар кўриб чиқиш пайтида тақдим этилган турар жой мулкдори томонидан доимий рўйхатга қўйиш рад жавоби олинса, ҳужжатлар кўриб чиқиш пайтида ХЧК ва ФР қисмларидан олдинги рўйхатга турган жойи бўйича олинган маълумотда ноқонуний ҳолат аниқланса ҳам хизмат кўрсатилмайди.

Аризачи сифатсиз кўрсатилган хизмат учун ва масъул ходимнинг эътиборсизлиги устидан қонун доирасида юқори турувчи ташкилотларга шикоят юбориш ҳуқуқига эга.
Прописка қилиш муддати – республика ҳудудида шу куннинг ўзида, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида - 3 кунни ташкил этади.