Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гулистонда ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда
Гулистон шаҳри аҳолиси Сирдарёнинг чап қирғоғидаги “Деҳқонобод” минтақалараро сув узатиш станцияси ва қисман Шимолий ва Жанубий ерости манбаларидан олинаётган ичимлик суви билан таъминланади. Бу ҳадқа ЎзА хабар бермоқда.
Иншоотлар суткасига 30 минг куб метр тоза ичимлик суви етказиб бериш қувватига эга. Бироқ 30 километр масофадан сув етказиб берувчи “Деҳқонобод” станцияси таъмирталаб ҳолга келиб, 22 ерости қудуғининг 7 таси ишламай қолгани оқибатида шаҳар аҳолисининг сувга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиришда муаммолар юзага келаётган эди.
Иншоотларни қуришдан аввал ерости муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш зарурати сув узатиш тармоқларини ишга туширишни тезлаштиришни тақозо этмоқда. Турар-жой ва бошқа иншоотлар, кўча ва йўллар қурилишини режа асосида белгиланган муддатда битириш ҳам ерости ишларининг бажарилишига боғлиқ. Шунинг учун сув қурилиши иншоотларида иш икки сменада ташкил этилган.
Шаҳарнинг бош режасига мувофиқ, Шимолий сув тўплаш иншоотини реконструкция қилиш, “Деҳқонобод” сув тўплаш иншоотидан Шимолий сув тўплаш иншоотига 38 километр узунликда янги узатиш қувури тортиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Яроқсиз ҳолга келган 130 километрли сув узатиш тармоғини янгилаш, 55 километр янги узатиш тармоғи қуриш, сув тўплаш иншоотларини реконструкция қилиш, эскирган насос ва уларнинг қисмларини алмаштириш белгиланган муддатларда бажарилаётир.