Жаҳон | 14:18 / 04.01.2016
4260
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда зилзила қурбонлари сони 10 нафарга етди, жабрланганлар сони 200дан ошиқ

Ҳиндистондаги зилзила қурбонлари сони 10 кишига етди, яна 200дан ортиқ киши жабрланган. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар берган.

Дастлабки хабарларда, 6 киши ҳалок бўлгани ва 100дан ортиқ киши жароҳатлангани айтилганди.

Зилзила 4 январь куни соат 04:40да (Тошкент вақти билан соат 04:10)да содир бўлди, унинг эпицентри шарқий Манипур штатидаги Таменглонг округида, зилзила ўчоғи эса 55 км чуқурликда жойлашди. Ер силкиниши 1 дақиқа давом этган.

Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 6,8 га тенг бўлди.

Зилзила туфайли бир қанча уйлар бутунлай бузилиб кетган. Вайрон бўлган бинолар орасида 6 қаватли турар жой ҳам бор. Зилзила Импҳала шаҳридан 600 км масофадаги Калькуттада ҳам сезилган.

Айни вақтда қутқарувчи гуруҳлар табиий офат асоратларига қарши кураш олиб бормоқда.