Жаҳон | 17:50 / 04.01.2016
5124
2 дақиқада ўқилади

Судан Ар-Риёдга Эрон элчисини мамлакатдан чиқариб юбориши ҳақида хабар берди

Судан президенти маъмурияти бошлиғи Тах Усмон ал-Ҳусайн Саудия Арабистони тахти вориси, қиролликнинг Мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон билан телефон мулоқоти чоғида унга Судан ўз ҳудудидан Эрон элчисини чиқриб юборишга ва Теҳрондаги элчисини чақириб олишга қарор қилгани ҳақида маълум қилган.

"Генерал-лейтенант Тах расман маълум қилдики, Судан Эрон элчисини ва бошқа ёрдамчиларини мамлакат ҳудудидан чиқариб юборади ҳамда ўзининг Эрондаги элчисини ортга қайтаради", дейилади Саудия Арабистонидаги SPA ахборот агентлигида.

Қайд этилишича, Судан вакили Саудия Арабистонига садоқат изҳор қилган ва Эроннинг ҳозирги вазиятдаги тушунарсиз ҳаракатларини қоралаган.

Бироз олдинроқ, Баҳрайн Эрон билан дипломатик муносабатларини узишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Саудия Арабистони ҳукумати томонидан 47 киши, шу жумладан, таниқли шиа тарғиботчиси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилиши эълон қилди.

Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонаси қаршисида ҳамда Эрон шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

3 январь куни Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр “Қироллик ички ишларига очиқдан очиқ суқилгани, регионда душманчилик ҳаракатларини амалга оширгани ва Теҳрондаги Қироллик элчихонасига ҳужум уюштиргани учун” Эрон билан дипломатик алоқалар батамом узилгани ҳақида эълон қилган эди.