Жаҳон | 23:15 / 04.01.2016
5082
1 дақиқада ўқилади

Теҳронда ан-Нимрнинг қатлига қарши навбатдаги намойишлар бўлиб ўтди

Теҳроннинг марказия майдонида Саудия Арабистонига қарши норозилик намойишлари давом эттирилди. Бу ҳақда Fars ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Хабар қилинишича, навбатдаги намойиш иштирокчилари ҳақоратомуз шиорлар, Саудия Арабистонидаги саудлар сулоласини ағдаришга бўлган чақириқлар билан чиқишган.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Саудия Арабистони ҳукумати томонидан 47 киши, шу жумладан, таниқли шиа тарғиботчиси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилганини эълон қилди.

Шу куни Теҳрондаги оммавий тартибсизликлар натижасида Саудия Арабистони элчихонаси вайрон қилинди.

3 январь, якшанба куни Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни узганлигини билдирди.