Жаҳон | 07:41 / 05.01.2016
5813
2 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари лигаси Саудия Арабистони сўровига кўра 10 январь куни шошилинч мажлис ўтказади

Араб давлатлари лигаси 10 январь куни Саудия Арабистони ва Эрон ўртасида юзага келган инқирозли ҳолат бўйича шошилинч мажлис йиғади. Бу ҳақда минтақавий ҳамжамиятнинг бош котиби ўринбосари Аҳмад ибн Ҳелли хабар берган.

"Лига аъзолари бўлган мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирлари 10 январь куни Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Ар-Риёднинг сўровига биноан Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасига ҳамда Машҳаддаги консуллиги биносига ҳужумлар уюштирилиши, шунингдек, Эрон томонидан араб мамлакатларининг ички ишларига аралаша бошлагани бўйича муҳокамалар ўтказиш учун йиғилишади", дейди у.

Бундан олдинроқ, Лиганинг бош котиби Набил ал-Арабий Саудия Арабистонининг Эрондаги дипломатик миссиялари ҳужумга учрашини қоралаб чиққан, буни "халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол равишда бузилиши" сифатида баҳолаганди.

"Эрон ҳукумати 1961 йилда имзоланган дипломатик ва консуллик муносабатларига бағишланган Вена конвенциясига амал қилиши ва конвенция тамойилларини ҳурмат қилган ҳолда Араб давлатларининг ички ишларига аралашмаслиги керак эди", дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Саудия Арабистони ҳукумати томонидан 47 киши, шу жумладан, таниқли шиа тарғиботчиси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилганини эълон қилди.

Шу куни Теҳрондаги оммавий тартибсизликлар натижасида Саудия Арабистони элчихонаси вайрон қилинди.

3 январь, якшанба куни Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни узганлигини билдирди.
Шундан сўнг, Баҳрайн ва Судан Эрон элчилари ва дипломатларини ўз ҳудудидан чиқариб юборишга киришди, БАА эса Эрондан ўз элчисини чақириб олди.