Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ: Ямандаги сиёсий танглик туфайли ҳалок бўлганлар сони 2,8 мингга яқинни ташкил этмоқда
Ямандаги ҳусийчиларга қарши 2015 йилнинг 26 март куни Араб коалицияси томонидан ҳарбий амалиётлар ўтказилиши бошланганидан буён 2015 йилнинг 31 декабрь кунигача 2 795 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда 5 январь куни Женевада ўтган брифинг вақтида Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари бошқармаси матбуот котиби Руперт Колвилл маълум қилган.
"Декабрь ойининг ўзида низолар 81 кишининг ёстиғини қуритди ва 109 киши жароҳат олди. 26 мартдан 31 декабргача бўлган даврда Ямандаги низолар 2795 фуқаро ўлимига сабаб бўлган, яна 5324 киши яраланган. Қурбонларнинг мингга яқини нафари ҳусийчилар ва уларнинг иттифоқдошлари ҳужумлари натижасида, 1641 нафари эса ҳаводан ёғдирилган ўқлар натижасида ҳалок бўлган", дейди у.
Яманда шиаларнинг «Ансор Аллоҳ» ҳаракати ва собиқ президент Али Абдулла Солиҳга содиқ армия қисмлари ҳамда улар суриб чиқарган президент Абду Раббу Мансур Ҳодий қўшинлари ўртасида қуролли низолар давом этмоқда.
2014 йилнинг августида исёнчилар ва ҳукумат ўртасида тўқнашувлар бошланган, 2015 йилнинг январида ҳусийчилар мамлакат пойтахтини истило қилгач, президент жанубдаги йирик шаҳар Аданга кўчганди. 2015 йилнинг 25 мартида исёнчилар Аданнинг ҳам катта қисмида назоратни қўлга олгач, ҳукумат қўшни давлат Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдга қочганди.
2015 йилнинг 26 март куни Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция самолёти Яман ҳудудига бомба ёғдиришни бошлади. Бу коалиция таркибида Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Миср, Иордания, Марокаш ва Судан ҳарбий самолётлари бор.