Ўзбекистон | 09:01 / 05.01.2016
8260
2 дақиқада ўқилади

“Газпром” раҳбари Алексей Миллер Ўзбекистондан газ харид қилиш ҳажми кўпайтирилишини тасдиқлади

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб “Газпром” Ўзбекистондан газ харид қилиш ҳажмини оширгани ҳақидаги маълумот холдинг бошқарув кенгаши раҳбари Алексей Миллер томонидан тасдиқланди.

"Ҳа, тасдиқлайман. Биз ўзбекистонлик дўстларимиз билан музокаралар натижасида келишувга эришдик. Ўзбекистон - бизнинг газ секторидаги умидли ҳамкоримиз ва биз бу йилда Ўзбекистондан газ харид қилиш ҳажмини оширамиз. Биз ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан кейин ҳам ривожлантиришда давом этамиз", дейди у.

Бундан олдинроқ, Россиядаги нашрларда “Газпром” Ўзбекистондан газ харид қилишни кўпайтириши маълум қилинганди.

Хабарларда 2016 йилда Ўзбекистондан харид қилинадиган газ ҳажми Туркманистон 2015 йилда етказиб берган 3,1 млрд кубометрдан анча кўп бўлиши айтилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида газ қазиб олиш ҳажми бўйича учинчи ўринни эгаллайди ва йилига энг кўп газ ишлаб чиқарувчи дунё мамлакатлари ўнлигига киради (йилига 63-65 млрд кубометр).

2002 йил томонлар ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш мақсадида «Газпром» ОАЖ ҳамда «Ўзбекнефтгаз» МХК (Миллий холдинг компанияси) газ соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди. Унга кўра "Газпром" 2003-2012 йиллар мобайнида Ўзбекистондан газ сотиб олиш ва бу вақт мобайнида Ўзбекистон ҳудудида газ қазиб олиш бўйича лойиҳаларда иштирок этиши белгиланганди.

2012 йил сўнггида "Газпром" Ўзбекистон билан 2015 йилгача газ етказиб бериш бўйича битим тузди. Келишувга кўра, 2013 йилда 7,5 млрд кубометр газ (2012 йилда 8,7 млрд кубометр эди) етказиб берилди.

2006 йилда "Газпром" Ўзбекистоннинг Устюрт платосида янги табиий газ конларини аниқлаш бўйича лойиҳада иштирок эта бошлади. Компания 2006-2013 йиллар мобайнида ҳудуддаги геологик қидирув ишларига 383,3 млн доллар маблағ сарфлади.

Эслатиб ўтамиз, «Туркмангаз» давлат концерни матбуот хизмати «Газпром» 2016 йилда Туркманистон газини харид қилишдан бош тортгани ҳақида хабар берганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш