Жаҳон | 08:28 / 05.01.2016
3666
1 дақиқада ўқилади

Оқ уй Обаманинг қурол-яроғ айланмасини чеклаш бўйича ташаббусига изоҳ берди

АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти қурол-яроғ айланмасини чеклаш бўйича янги ташаббус ҳақида маълумот берди. Президент мазкур ташаббусни конгресс йиғилиши вақтида эълон қилишни режалаштирмоқда, дея хабар тарқатди Reuters агентлиги.

Қайд этилишича, асосий ташаббусга биноан қаердан сотиб олинишидан қатъи назар, ҳар қандай турдаги қуролни харид қилишда мижознинг биографиясини текширувдан ўтказиш талаб этилади. Айни пайтда эса америкаликлар интернет ва кўргазмаларда ҳеч қандай текширувларсиз қурол сотиб олишлари мумкин.

АҚШ бош прокурори Лоретта Линчнинг таъкидлашича, Федерал тергов бюроси 230 нафар янги эксперт ва ходимни ёллаш йўли билан текширувлар тизимини 50 фоизга оширишни мақсад қилган. Шунингдек, Обама конгрессдан психиатрия ёрдамини барча учун мақбуллаштириш учун 500 миллион доллар сармоя киритишни сўрамоқчи.
Ёнида қурол олиб юриш ҳуқуқи АҚШ конституциясига киритилган иккинчи ўзгартишда кафолатланган.