Жаҳон | 19:37 / 06.01.2016
4361
1 дақиқада ўқилади

Баҳрайнда Эрон билан алоқадор жангарилар гуруҳи қўлга олинди

Баҳрайн ҳукумати мамлакат ҳудудида терактлар содир этишни режалаштирган жангарилар гуруҳини қўлга олган. Бу ҳақда Al Arabiya телеканалида айтилган.

Хабар қилинишича, қўлга олинган шахслар Эрондаги инқилобий гвардия ва Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" ҳаракатига алоқадор шахслар ҳисобланади.

5 январь куни Баҳрайн Саудия Арабистони ортидан Эрон билан авиақатновларни тўхтатгани ҳақида эълон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Саудия Арабистони ҳукумати томонидан 47 киши, шу жумладан, таниқли шиа тарғиботчиси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилганини эълон қилди.

Шу куни Теҳрондаги оммавий тартибсизликлар натижасида Саудия Арабистони элчихонаси вайрон қилинди.

3 январь, якшанба куни Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни узганлигини билдирди.

Шундан сўнг, Баҳрайн ва Судан Эрон элчилари ва дипломатларини ўз ҳудудидан чиқариб юборишга киришди, БАА ва Кувайт эса Эрондан ўз элчисини чақириб олди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш