Жанубий Корея КХДРнинг водород бомбасини "синовдан ўтказиши жараёни"ни намойиш қилди
Жанубий Кореядаги YTN телеканали эфирида КХДР томонидан амалга оширилган водород бомбаси синови 1953 йилги Совет кинохроникаси кадрлари орқали кўрсатиб берилди.
Телетомошабинларга 1953 йилнинг 12 августида Собиқ Иттифоқ томонидан «РДС-6c» водород бомбаси синалиши кадрлари намойиш этилган. Ўшанда биринчи водород бомбаси синови Семипалатинск полигонида бўлиб ўтган эди.
Бугун Шимолий Корея ҳукумати мамлакат шимоли-шарқида водород бомбасини муваффақиятли тарзда синовдан ўтказганини маълум қилганди.
Ундан олдинроқ, 6 январга ўтар кечаси қатор мамлакатларнинг сейсмология хизматлари Шимолий Кореядаги ядровий полигонга яқин ҳудудда 5,1 магнитудали зилзила қайд этилгани, ерости силкинишларига техноген омил (ядровий синовлар) сабаб бўлгани ҳақида хабар берганди.
Шундан сўнг, бир қатор мамлакатлар бу ҳаракатни қоралаб чиқишди.
Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе мамлакат Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказиш ва ўз қуролли кучларининг тўлиқ ҳарбий ҳолатга келиши ҳақида қарор қабул қилган.
Япония бош вазири Шиндзо Абэ водород бомбаси устидаги тажриба масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари билан муҳокама этиш лозимлигини таъкидлаган. Шунингдек, Шимолий Кореядан Японияга катта хавф туғилаётганини айтиб ўтган.
АҚШ Шимолий Кореянинг БМТ ХК резолюциясини бузган бўлиши мумкинлигини таъкидласада, аммо воқеа юзасидан аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирган. Қўшма Штатлар Корея ярим оролида ер қимирлашидан хабардорлигини ва воқеаларни кузатиб бораётганини айтиб ўтган.
Франция ва Буюк Британия ҳам Пхеньяннинг БМТ ХК резолюциясини бузгани ва водород бомбаси тажрибасини кескин қоралашини таъкидлади.