Жаҳон | 21:41 / 06.01.2016
5905
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: эронлик дипломатлар Саудия Арабистонини тарк этишди

Эроннинг Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги элчихонаси ва Жиддадаги бош консуллиги ходимлари Саудия Арабистонини тарк этишди. Бу ҳақда Саудия матбуот агентлиги маълум қилди. 

Агентлик маълумотларига кўра, “дипломатларнинг барчаси Саудия Арабистони қироллиги Эрон билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилгандан кейин Эрон авиакомпаниясининг махсус самолётида қиролликни тарк этишган”. Агентликнинг таъкидлашича, самолёт Ар-Риёддан учиб кетган.

Саудия Арабистони билан Эрон ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашишига Ал-Саудлар тузумини танқид қилган ва қиролликда диний камчиликларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш ва конституциявий ислоҳотларнинг ўтказилишига чақирган таниқли имом Нимр ан-Нимрнинг қатл этилиши сабаб бўлди. Имом 2016 йил 2 январда қатл этилди. Шу куннинг ўзида Эронда бундан дарғазаб бўлган намойишчилар Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ва Машҳаддаги консуллигига бостириб киришган. Бунга жавобан Саудия Арабистони 3 январда Теҳрон билан муносабатларни узишга қарор қилган.