Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Шимолий кореяликлар водород бомбаси синовдан ўтказилгани ҳақидаги хабарни байрам қилишди
Япониянинг Киодо ахборот агентлигида хабар қилинишича, КХДР аҳолиси ўз ҳукумати томонидан мамлакат ҳудудида водород бомбасини муваффақиятли равишда синовдан ўтказганини байрам қилган.
"Мен бу хабарни катта хурсандчилик билан кутиб олдим", дея таассуротларини билдирган Пхеньян шаҳри аҳолиси вакилларидан бири. Яна бир пхеньянликнинг айтишича, "бу синов орқали КХДР АҚШ ва бошқа мамлакатларга қарши тура олишини кўрсатиб қўйган".
Жанубий корейсларнинг YTN телеканалида мамлакат аҳолиси бу янгиликни қизғин кутиб олгани ва кўчалардаги катта экранларда бу хабар эълон қилинган вақтда қарсаклар чалишгани ҳақида лавҳалар берилган.
Шунингдек, шимолликлардан бири мамлакат бундай синов ўтказишга ҳақли экани, бу "ўзини ўзи ҳимоялаш" эканини айтиб ўтган.
6 январь кунининг биринчи қисмида Шимолий Корея ҳукумати водород бомбаси синови муваффақиятли ўтгани ҳақида эълон қилди.
Ушбу хабар эълон қилиниши билан Сеул Миллий Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказди. Бундан сал вақт олдин ОАВларда Пхунгери полигони жойлашган туманда ер ости силкинишлари кузатилгани ҳақида хабар қилинган эди. Жанубий Корея метео-хизмати эса бу зилзила “техноген характерга” эгалигини айтган. Сейсмологлар маълумотига кўра, зилзила магнитудаси 4,2 баллни ташкил қилган. Бошқа маълумотларда бу кўрсаткич 5 баллдан ошгани айтилди.
Шимолий Корея водород бомбасини синовдан ўтказиши муносабати билан Жанубий Корея мамлакат Қуролли кучлари жанговор тайёргарлигини кучайтирди.
Шунингдек, минтақадаги Япония ва Хитой ҳам бу синовларни қаттиқ қоралаб чиқди. АҚШ ва Россия ҳам бу хабардан хавотирдалигини маълум қилган.
Шимолий Корея 2005 йилда ўзини ядро мамлакати деб эълон қилган эди. Республикада шундан буён тўрт маротаба ядро қуролларини синовдан ўтказди.