Ўзбекистон | 18:39 / 06.01.2016
5062
2 дақиқада ўқилади

Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда юз берган ёнғинлар оқибатида 7 киши ҳалок бўлди

Ўтган ҳафта мобайнида Ўзбекистон ҳудудида 325 та ёнғин қайд этилган. Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 9 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 7 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берган.

Ушбу ёнғинларда 1 миллиард 223 миллион сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 964 миллион сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган.

Андижон вилояти Олтинкўл туманида яшовчи фуқаро С.Мансурованинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 70 кв.м майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи фуқаро Й.Бўриевнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 170 кв.м майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида яшовчи фуқаро М.Диёрованинг уйидаги иситиш печининг дудбурони қизиб кетиши натижасида ёнғин келиб чиқиб, уйнинг 80 кв.м майдонида том қисми ва ғамлаб қўйилган ҳашаги ёниб зарарланган.

Ушбу ҳолатлар бепарволик ва эътиборсизлик туфайли содир бўлаётгани ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун ёнғин хавфсизлиги талабларини ёддан чиқармаслик сўралган.

"Газ ва электр жиҳозлардан тўғри фойдаланинг, очиқ оловдан фойдаланишда эътиборсиз ва бепарво бўлманг!", — дея огоҳлантиради Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш