Жаҳон | 21:20 / 06.01.2016
4696
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда “Казахтелеком”, Air Astana, “Казпочта”, Qazaq Air ва бошқа бир қатор миллий компаниялари хусусийлаштирилади

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг сайтида чоп қилинган “Миллат режаси – Қозоғистон орзуси сари йўл” мақоласида 2016 йилнинг биринчи чорагида хусусийлаштирилмайдиган объектлар рўйхати қисқартирилишини маълум қилди.

Мақолада таъкидланишича, хусусийлаштириш фонд бозорлари ва очиқ ким ошди савдо уйларига акцияларни жойлаштириш йўли билан амалга оширилади.

Янги механизмлар асосида 2016-2020 йилларда хусусийлаштиришинг комплекс режаси амалга оширила бошланди. Унга кўра, кўплаб йирик миллий компаниялар хусусийлаштирилади.

Ҳужжат доирасида рақобат муҳитига 65та энг йирик давлат компаниялари ўтказилади. Булар орасида “Самруқ-Қазина” миллий фаровонлик жамғармаси, “Бойтерак” АЖ, “КазАгро” АЖ, “Самрук-Казына” МФЖ” АЖга тобе 173 корхона бор.

Шунингдек, 545 ташкилотдан иборат амалдаги хусусийлаштириш объектлари рўйхати долзарблаштирилади.

Юқорида компаниялар хусусийлаштирилганидан сўнг улар ихчам холдингларга айлантирилади.

Сотувга қўйиладиган давлат мулки объектлари рўйхати миллий иқтисодиёт вазирлиги сайтида жойлаштирилди.

Булар орасида “СК-Фармация” МЧБ, “Қазақстан ғарыш сапары” миллий компанияси, “Казахавтодор” республика корхонаси, “Хоргос” халқаро чегара ҳамкорлиги маркази, “Олмаота” санаторийси, Қозоқфильм, “Думан” кўнгилочар маркази, Остона шаҳри аэропорти, Қустанай ва Петропавловск, Оқтепа, Атиров, Павлодар аэропортлари, Қизил Ўрдадаги “Қўрқит ота” аэропорти, “Қозоғистон темир йўли”, “ҚазМунайГаз” миллий компанияси, “Казатомпром” миллий атом компанияси, “Казпочта” АЖ, Air Astana ва Qazaq Air авиакомпаниялари, Оқтов халқаро денгиз савдо порти ва “КазАгро” миллий холдинги бор.