Жамият | 19:49 / 06.01.2016
10311
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда маст одам машина олиб қочиб, 2та машинага урилди ва 2 милициячини жароҳатлади

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида рўй берган кўнгилсизликда 3та машинага зарар келтирилди, 2 нафар милиция ходими эса жароҳат олди. Ўтган йилнинг декабрь ойида содир бўлган воқеа тафсилотлари “Огоҳ” нашрида келтирилди.

Айтилишича, 1985 йили Олмалиқ шаҳрида туғилган А. Ринат исмли шахс Тошкентдаги ресторанлардан бири 1972 йили туғилган Д. Анвар билан гап талашиб қолган. Улар бир муддатдан сўнг келишиб олганига қарамай, Ринат “ўч олиш”ни дилига тугиб қўйган. Шу мақсадда у ташқарига чиқиб, унинг Matiz русумли автомобилини ўғирлаб кетган.

Воқеадан бохабар қилинган милиция ходимлари “Ҳалқа” тадбирини эълон қилиб, “Уч қаҳрамон” блок пости яқинида ўғирлиғ машинанинг йўлини тўсишган. Аммо Ринат машинани тўхтатмасдан, ЙҲХБ ходимини уриб кетган. Шундан сўнг у олдидаги Nexia машинага урилган, машинани орқага олаётганида эса бошқа бир машинага ҳам урилган.

Шундан сўнг Ринат машинани ташлаб қоча бошлаган, аммо милициячилар томонидан қўлга олинган.