Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2 минг қути “Parliament” сигаретларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди
“Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Россия Федерациясидан кириб келган йўловчи поездини божхона назоратидан ўтказиш чоғида фуқаро Б.Алимов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 2 минг қути “Parliament” сигаретларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати Kun.uz сайтига хабар қилди.
Хорижда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон акциз маркалари билан маркаланмаган ушбу тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати салкам 29 млн. сўмни ташкил қилар экан. Қонунбузар бу билан кифояланмасдан, қиймати 21 млн. сўмлик 37 турдаги парфюмерия маҳсулотлари ва бошқа товар-моддий бойликларни ҳам ноқонуний тарзда олиб киришга уринган пайтда фош қилинди.
Шунингдек, бошқарма ходимлари томонидан фуқаро Ш.Холбоевнинг қинғир қилмишларига нуқта қўйилди. Ушбу шахс ноқонуний равишда олиб кирилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси акциз маркаси билан маркаланмаган қиймати 11,5 млн сўмлик 880 қути “Parliament” ва “Parliament carat” номли тамаки махсулотларининг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатни тақдим қила олмади.
Божхона ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаролар Н.Нуралиева ҳамда М.Эшчоновалар амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганида, уларнинг ёнида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 4 турдаги 270 қути тамаки маҳсулотлари борлиги фош қилинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўтган 2015 йил давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда салкам 600 та божхона қоидабузларликлари фош қилиниб, қиймати 10 млрд. сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Маълумот учун, республикамизда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш устидан самарали давлат назорати ўрнатилган бўлиб, бу мазкур турдаги товарларнинг яширин тарзда ишлаб чиқарилиши ёхуд республикамиз ҳудудига олиб кирилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда, 1996 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Мазкур тартибларга риоя қилмасдан тамаки маҳсулотларини юртимизга олиб кириш, акциз маркаларини ёпиштирмаган ҳолда ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотиш таъқиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 13 мартда 412-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг миқдорий чекланган нормалари”га мувофиқ, жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясининг тегишли бандида қайд этган ҳолда, 10 қутигача тамаки маҳсулотларини божхона чегарасидан эркин олиб ўтишларига рухсат этилади.
Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, акциз маркасиз ёҳуд бошқа давлатларнинг акциз ёрлиғига эга бўлган тамаки маҳсулотларининг олиб кирилишининг олдини олиш божхона органлари зиммасига юкланган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқароларга божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-76 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади. Мурожаатлар анонимлиги кафолатланади.