Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Депутатлар “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасни қабул қилишди
7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишган.
Мажлисда депутатлар муҳокамасига “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда тақдим этилган.
Амалдаги қонун қабул қилинганидан буён 22 йилдан зиёд вақт ўтган бўлиб, бу давр мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тартибга солувчи, ушбу соҳада замонавий талабларни белгиловчи кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳужжатнинг мақсади қонун нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштиришдан, ташкилотларда иш берувчининг ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини оширишдан, махсус ваколатли давлат органининг, давлат бошқаруви бошқа органларининг меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан тегишли назоратни таъминлаш борасидаги вазифаларини белгилашдан иборат ҳисобланади.
Қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ва тавсияларини, 20дан зиёд чет эл, шу жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги норматив базани такомиллаштиришга қаратилган.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги долзарб масалаларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
Муҳокамалардан сўнг депутатлар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилишган. Масъул қўмиталарга қонун лойиҳасининг депутатлар, мутахассислар ва экспертлардан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси топширилган.