Жамият | 18:52 / 07.01.2016
4593
1 дақиқада ўқилади

Қўшработлик хусусий тадбиркор пулларни нақдлаштириб бериш баҳонасида мижознинг 19 млн пулини ўмарди

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Шамолли Файз” фирмаси раҳбари Фахриддин Суяров ўз мижозларидан бирини алдаб, унинг пулларини ўзлаштиришда айбланмоқда. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар бермоқда.

Айтилишича, тумандаги Зармитан қўрғонида, конга яқин ҳудудда яшаган аҳоли ҳоким қарори билан Солпи қишлоғига кўчирилган. Фуқаро Равшан Чарқуловга ер ажратилиб, пластик картасига қурилиш моллари олиш учун 44 млн сўм тушириб берилган.

Янги маҳаллани электрлаштириш учун келган Фахриддин Суяров Чарқулов билан танишиб қолган. Чарқулов ундан пластик картасидаги пулларни нақдлаштириб беришни сўраган. Суяров 19 млн сўм ечиб олиб, мижозига 5 млн сўм берган, қолган пулларни кейинроқ беришини айтиб, шу билан ғойиб бўлган.

Анча пайт қаллобни қидириб юриб, пулларини қайтариб ололмаган Чарқулов тегишли идораларга мурожаат қилган. Натижада Суяров қўлга олиниб, жавобгарликка тортилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш