Жамият | 14:02 / 07.01.2016
6797
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мижозидан фирибгарлик йўли билан 4 минг доллар олган фолбин қўлга туширилди

Тошкентда мижозидан фирибгарлик йўли билан 4 минг доллар олган фолбин қўлга туширилди. Бу ҳақда “На посту” газетаси ёзмоқда.

Айтилишича, Софья Марсовна Рамиуллина узоқ йиллар давомида қаҳва қуйқасида фол очиб келган. Табиийки, у очаётган фолига, қилаётган башоратларига ўзи ҳам ишонмас, аммо содда мижозларини шу йўл билан алдаб улардан, пул ундирар эди.

Бир сафар унга кекса Татьяна Витальевна исмли аёл мурожаат қилиб, чет элдан келган қариндошига вақтинчалик яшаш рухсатномаси олиши лозимлигини, шунингдек, квартирасини ўз номига ўтказиш билан боғлиқ муаммолари борлигини айтиб, шу бўйича фол очишни илтимос қилган.

Рамиуллина уни турли йўллар билан алдаб, “йўлида тўсиқлар” борлигига ишонтирган ва ҳокимиятда “ишини ҳал қилиб бериш” баҳонасида 4 минг доллар ундирган. Содда аёл фирибгарга бу пулларни келтириб берган.

Бир неча ойлардан сўнг ҳам натижага эриша олмагач, тўғри ҳокимиятга бориб, Софья исмли аёлдан пул бериб юборганини айтган. Бу сўзлардан ҳайрон бўлган ҳокимият ходимлари унга тегишли идораларга мурожаат этишни тавсия қилишган.

Шунда алданганини тушунган аёл милицияга мурожаат этган.
ИИВ ходимлари қаллобни қўлга олиб, судга топширди.